«Зиёкор» маҳалласида янги мактаб очилди

Тўрткўл тумани «Зиёкор» маҳалла фуқаролар йиғинида янги қурилган 77-сонли умумий ўрта таълим мактабининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
«Зиёкор» маҳалласида шу кунгача мактаб йўқ эди. Шу сабабли ўқувчилар қўшни ҳудудлардаги таълим муассасаларига қатнашга мажбур эди. Янги мактаб қурилиши маҳалла болаларига ўз уйларига яқин, барча зарур инфратузилма ва замонавий шароитларга эга бўлган мактабда таълим олиш имкониятини яратди.
Уч қаватли таълим маскани 660 ўринга мўлжалланган. Кенг ва ёруғ спорт зали, стадион, ошхона, кутубхона, мажлислар зали, компьютер хонаси ва бошқа қулайликлар ўқувчилар ихтиёрида.
Ушбу мактаб энг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиб, педагог ва ўқитувчилар учун қулай ва самарали таълим-тарбия жараёнини таъминлаш имконини яратади.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги раҳбарлари, халқ таълими соҳаси мутасаддилари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
– Янги ўқув йили бошланиши арафасида Президентимиз томонидан таълим сифатини ошириш ва тил ўрганиш салоҳиятини кенгайтириш масалаларига бағишлаб уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Янги мактабимизнинг қурилиши Президентимизнинг ушбу соҳага бўлган юксак эътиборининг бир ифодасидир, – дейди 77-мактаб ўқитувчиси Азиза Адамбоева. – Айниқса, «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг 36 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган ушбу мактаб нафақат болалар ва ўқитувчилар, балки бутун маҳалла аҳли учун чинакам байрам совғаси бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги