Китоб ўқиган ўзар…

105

Президентимиз томонидан китобхонликни қўллаб-қувватлаш, улар учун шароит яратиш, сафини кўпайтириш, айниқса, ўқувчи ёшларни китобхонликка ўргатиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар, жойларда ўтказилаётган тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Нукус туманидаги Ахборот-кутубхона марказида бу борада қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, марказимизда ўтган ойнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан «Китобхон она – ибрат мактаби» мавзусида китобхон оналар билан мулоқот кечаси бўлиб ўтди.

Кечада Нукус тумани Хотин-қизлар ишлари бўйича Тарғибот гуруҳи раҳбари С.Узакова, Ахборот-кутубхона марказининг нуроний китобхон оналаридан Г.Сапарбаева ва Г.Қосбергенова, 14-сонли мактаб кутубхоначиси С.Айтжанова ва бошқа китобхон оналаримиз иштирок этиб, ўзлари ўқиган китоблардан сўзлаб, ёшларга кўплаб фойдали маслаҳатларини берди.

Шунингдек, марказимизда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида, ҳар ойнинг 17-санаси «Китобхон оналар куни» деб белгилангани муносабати билан «Миллий қадриятларга ҳурмат кўрсатишни оиладан бошлаймиз!» шиори остида ZOOM платформаси орқали «Алла – оналар қўшиғи» онлайн фестивали ҳам бўлиб ўтди.

Нукус тумани Ахборот-кутубхона маркази мутахассислари тумандаги ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилган кўчма кутубхонага бориб, мактаб кутубхоначиси билан ҳамкорликда «Мен Ренессанс бунёдкориман» мавзусида ўқувчилар билан суҳбат кечасини ташкил этди.

Мутахассислар ўқувчиларга Ренессанс сўзининг маъноси бўйича тушунча бериб, Ўрта Осиёда биринчи ва иккинчи ренессанс даври ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Биринчи Ўрта Осиё Ренессансида (IХ-X асрлар) Бухоро, Самарқанд, Хоразмда илм-фан ва адабиётда буюк мутафаккирлар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Рудакийлар, иккинчи Ўрта Осиё Ренессансида А.Навоий, Жомий, Мирзо Улуғбеклар ижод қилган.

Ҳозирги кунда мустақилликдан кейинги давр илм-фан, таълим ва маданиятда янги юксалиш босқичи, учинчи Ренессанс – уйғониш даври сифатида баҳоланмоқда.

Ўқувчилар қизиқиш билан тинглаб, ўзлари қизиққан саволларини берди сўнг, кутубхонамизга келиб тушган янги адабиётлар билан таништирилди.

Марказда бу борадаги тадбирлар самарали давом этмоқда.

Г.Сейдуллаева,

Нукус тумани Ахборот-кутубхона марказининг, фондларни комплектлаш ва қайта ишлаш хизматининг бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги