Дунёнинг энг кекса раҳбари яна сайланяпти… Халқ қандай фикрда?
Камерунда якшанба куни бўлиб ўтган сайловда Африканинг энг ёши катта раҳбари, 92 ёшли Президент Пол Бия яна етти йиллик муддатга ҳокимиятда қолиш учун номзодини илгари сурди. 1982 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Бия, агар ғалаба қозонса, 99 ёшгача ҳокимият тепасида қолади. Камерун 1960 йил мустақилликка эришгандан бери атиги икки президент кўрган.
Пол соғлиғи, узоқ йиллик ҳукмронлиги ва мамлакатдаги иқтисодий таназзул сабаб тобора кўп танқид қилинмоқда. У кўп вақтини Европада ўтказади, давлат бошқаруви эса амалдорлар ва оила аъзолари қўлида.
«Syracuse» университети профессори Бенжамин Аки фикрича, бу галги сайлов Бия учун хавфли кечиши эҳтимоли бор.
– У жуда кексайган ва мамлакат 43 йиллик бошқарувдан чарчаган, – дейди олим. – Энди натижа бошқача бўлиши мумкин.
Сайловда Бия билан бирга тўққиз нафар номзод қатнашди. Улар орасида собиқ вазирлар Белло Боуба Маигари ва Исса Тчирома Бакари ҳам бор. Натижалар 26 октябрга қадар эълон қилинади.
Камерун ҳозир икки йирик муаммо билан юзлашган: ғарбда инглизча сўзлашувчи сепаратистлар билан уруш, шимолда эса Боко Ҳарам таҳдиди. БМТ маълумотига кўра, ушбу юрт аҳолисининг 43 фоизи қашшоқликда яшайди.
Мазкур сайлов Пол учун тарихий синов бўлади. Зеро, мамлакатдаги ёш авлод аллақачон “ўзгариш шамоли”ни ҳис қила бошлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА