«Оммавий диктант» акцияси ўтказилди

129

Ёшлар ўртасида ёзма саводхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва қизиқишни янада ошириш, унинг ижтимоий нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва мутахассисликларни баҳолаш агентлигида «Оммавий диктант» акцияси ўтказилди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат тил ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда республикамиздаги олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

– «Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастурида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, унинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, ёш авлодни ўзбек тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш каби вазифалар белгиланган, – дейди ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари М.Тажимуратов. – Ушбу вазифалар ижроси доирасида «Оммавий диктант» тадбири ташкил этилди. Партиямиз ўзбек тилини ривожлантириш, унинг нуфузини оширишга қаратилган бундай чора-тадбирларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбир ғолиблари ва фаол иштирокчилар 21 октябрь – «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг 36 йиллиги арафасида тақдирланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги