Ибратли қишлоқ аёли

115

15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни

Кўнгил қайси манзилда қувонч, хотиржамлик топса, ўша макон унинг суюкли ўлкасига айланади. Қаҳрамонимиз Зулфия Бекмуратова ҳам қалб хотиржамлигини Беруний туманининг «Оразбой Жуманиёзов» маҳалласида (собиқ Киров қишлоғи) топди. Бухоро вилоятидан шу қишлоққа келин бўлиб тушганига 44 йил бўлган Зулфия опа меҳнаткаш, кунни кун, тунни тун демайдиган қишлоқ аёли.

З.Бекмуратова юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан изчил одимлаётган, берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, фаровон ҳаёт кечираётган аёллардан бири. У тумандаги 61-сонли умумий ўрта таълим мактабида физика фанидан дарс бериб, шу ердан нафақага чиққан. Сўнг 15 йил давомида маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозимида ишлаган. Кўплаб ажрим ёқасида турган оилаларнинг ярашишига, маҳалладаги маънавий муҳитнинг яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Маҳаллада фаол нуронийларга раҳбарлик қилиб келмоқда. «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойили асосида маҳалладаги ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишига ҳам мадад бўлмоқда.

– Бахтлиман, – дейди З.Бекмуратова. – Турмуш ўртоғим билан тўрт нафар фарзандни вояга етказмоқдамиз. Уларнинг барчаси олий ўқув юртларида таҳсил олган. Бугунги кунда 12 нафар набиранинг бувисиман. Улар ҳам келажакда эл-юртига, халқига манфаати тегадиган инсонлар бўлиб вояга етиши учун меҳнат қиляпмиз.

З.Бекмуратованинг кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан «Ибратли аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди. Ибрат бўлса арзирли қишлоқ аёлининг меҳнати бугунги кунда ёш оилаларга ибрат бўлмоқда.

Зулфия ая сингари кўпчилик қишлоқ аёллари дала ишлари, чорва, томорқа каби турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолмасдан, юртимиз равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўнгли қишлоқ далалари каби кенг. Боридан рози бўлиб, йўғини яшириб, борини орттириб яшаб келаётган бу аёллар эртанги кун давомчиларини тарбияламоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги