2029 йилги “Ислом бирдамлиги” ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида “Ислом бирдамлиги” ўйинларининг бошланишига бир ойдан камроқ вақт қолганда Халқаро Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси(ISSA) 2029 йилги ўйинларга мезбонлик қиладиган давлатлар номини эълон қилди.
Биз учун эътиборли жиҳати, яна тўрт йилдан кейин ташкил этилиши режалаштирилган “Ислом бирдамлиги” ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин бўлган учта давлатдан бири Ўзбекистон эканлиги эътироф этилди.
Бу ҳақда сўз юритган Халқаро Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси бош котиби Носир Маджали 2029 йилги ўйинларни ўтказишга Ўзбекистон, Малайзия ва Эрон давлатлари яққол даъвогарлигини таъкидлаб, яқин вақтда ISSA комиссияси ушбу мамлакатлардаги мавжуд спорт инфратузилмаси билан яқиндан танишишини билдириб ўтди.
ISSAга аъзо 57 та аъзо давлатларда спорт турлари жадал ривож топаётганлигига қарамасдан Олимпиада медалларининг атиги 7 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади.
“Ислом бирдамлиги” ўйинларининг тизимли ўтказилиши йўлга қўйилиши, спорт интеграциясининг ислом мамлакатларида кенг ёйилиши натижасида Олимпиада медаллари салмоғи уларда янада ошишига хизмат қилишига қаратилган, дейилади ISSA хабарида.
Айтиш лозимки, жорий йилнинг 7—21 ноябрь кунлари Ар-риёдда ўтадиган VI “Ислом бирдамлиги” ўйинларида 57 та мамлакатнинг 4 минг нафардан зиёд спортчиси 13 та олимпия, 5 та ноолимпия спорт турларида иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз спортчилари 2022 йили Туркиянинг Куня шаҳрида ўтган V “Ислом бирдамлиги” ўйинларида 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 бронза медалларига эга чиққан ҳолда 56 та иштирокчи давлатлар орасида 2-ўринни эгаллаганди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА