Ўзбекистон — футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Марказий Осиёнинг ягона терма жамоаси

107

Хабарингиз бор, футбол бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада мамлакатларида бўлиб ўтади. Шу кунларда дунёнинг турли нуқталарида мусобақага йўлланма берувчи саралаш босқичлари ўтказилмоқда.

Мазкур саралашлар давомида Ўзбекистон, Япония, Янги Зеландия, Эрон, Аргентина, Корея Республикаси, Иордания, Австралия, Эквадор, Бразилия, Уругвай, Колумбия, Парагвай, Марокаш, Тунис, Миср, Жазоир, Гана ва Кабо-Верде давлатлари мундиал йўлланмасига эга чиқди. Шунингдек, АҚШ, Канада ва Мексика термалари мусобақа мезбони бўлгани учун тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқига эга.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон мазкур Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Марказий Осиёнинг ягона миллий терма жамоасига айланди.

Гап шундаки, октябрь ойидаги ФИФА кунларида Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳам ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган эди.

Қозоғистон Европа минтақаси саралаш турнири “J” гуруҳидаги навбатдаги тур учрашувини сафарда Шимолий Македонияга қарши ўтказди ва 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Йўқотилган икки очко амалда қўшниларимизни мундиалга чиқиш имкониятидан маҳрум қилди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА