Рецептли дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши жазо кучайтирилади

195

Сўнгги йилларда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қонунга хилоф равишда реализация қилиш ва инсон ҳаёти учун хавфли оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолатлар кўпаймоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

– Амалдаги қонунчиликда рецепт билан бериладиган дори воситалари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган санкциялар номутаносиб бўлиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний муомаласига барҳам бериш ва олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда, – деди депутат Тоҳир Полвонов. – Хусусан, таҳлилларга кўра, 2022–2025 йиллар давомида 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Биргина 2024 йилда бундай ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайган. 2021-2024 йилларда доридан заҳарланган шахслар сони 18 минг 87 нафарни ташкил этган.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган ҳолатларда — жиноий жавобгарлик белгилаш ва икки юз баравардан уч юз бараваргача миқдорда жарима жазоси назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА