Табият ва туризм йўлида ҳамкорлик: «Геопарк Орол» бўйича меморандум имзоланди
Жорий йилнинг 4-9 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлди.
Ташриф доирасида туризмни ривожлантириш, муносабатларни мустаҳкамлаш ва трансчегаравий Геопарк яратиш учун Қозоғистон тажрибасини ўрганиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Қорақалпоғистон делегацияси Орол геопаркининг диққатга сазовор жойлари, жумладан, у ердаги табиий ва маданий диққатга сазовор Каньон ва Акеспе қишлоғида бўлди.
Ташриф давомида экотуризм, геопарк инфратузилмаси, шунингдек, Оролбўйи табиий ва маданий меросини муҳофаза қилиш борасидаги қўшма илмий-тадқиқотлар борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Халқаро Оролни қутқариш фонди Қозоғистон Республикаси Ижроия дирекциясида Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси билан давра суҳбатлари ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар Қозоғистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг табиий ва маданий меросини, шунингдек, сув ресурсларини, туризм ва илм-фан соҳаларини бирлаштирувчи трансчегаравий Геопарк яратиш имкониятларини муҳокама қилди.
– Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб 200 дан ортиқ геопарклар мавжуд бўлиб, уларнинг деярли кўпчилиги геологик объектларни сақлаш билан бирга, туризм ва таълим соҳалари орқали маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали директори А.Мамбеткаримов.
«Геопарк Орол» лойиҳаси ҳам экология ва илмий-тадқиқотлар, туризм инфратузилмасида янги имкониятлар эшигини очади. Оролбўйи ҳудуди – ўзига хос табиий ландшафтлар, чўл ҳудудлари, тарихий-маданий ёдгорликлар ва маҳаллий аҳолининг бой этнографик мероси билан хорижий сайёҳлар учун файзли маскан ҳисобланади.
Қорақалпоғистон делегациясининг Қизилўрда вилоятига ташрифи давом этиб, Трансчегаравий геопаркни яратиш бўйича Қозоғистон тажрибаси муҳокама қилинди. Ташриф давомида икки халқ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, шунингдек, томонларнинг трансчегаравий ташаббусларини тайёрлаш учун биргаликда иш олиб боришни давом эттириш ниятида эканлиги таъкидланди.
Шу ерда Қизилўрда вилояти ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўртасида трансчегаравий геопаркни яратиш бўйича ташаббусларни ривожлантириш ва ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Меморандумнинг имзоланиши томонларнинг барқарор ривожланиши, экология ва фан соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, геотуризмни илгари суриш ва Орол денгизи табиий меросини муҳофаза қилиш учун умумий платформани шакллантиришга ҳисса қўшади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги