Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари танқидий муҳокама этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф. Эрманов бошчилигида барча давлат ташкилотлари ва идоралар раҳбарлари иштирокида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вазирликлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда тегишли хизмат кўрсатувчи корхоналар раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда республикада куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавжуд инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларида аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мажлис давомида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви тармоқлари ҳамда ёқилғи захираларини шакллантиришдаги мавжуд муаммолар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси томонидан аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, шунингдек, қиш мавсумида узлуксиз иссиқлик ва энергия таъминотини йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида барча мутасадди раҳбарларга қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича ҳар бир соҳада шахсий масъулият билан ёндашиш, жойларда тизимли назоратни кучайтириш ва аҳоли шикоятларига тезкор жавоб бериш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, белгиланган вазифалар ижроси қатъий назоратга олиниши маълум қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА