Онлайн кредит олишни тақиқлаш мумкинми?
Ҳуқуқий муносабат
Ҳар бир жисмоний шахс ўзининг розилигисиз ёки хабарисиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш учун кредит битимини тузишни тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Хўш, бунинг учун фуқаро қаерга мурожаат қилиши керак?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу бўйича қуйидагича тушунтириш берди:
– Бу ҳолатда фуқаро аввало, кредит бюросига ариза бериши керак бўлади.
Ариза бериш эса қуйидагилар орқали амалга оширилади. Жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари орқали ёзма ёки электрон шаклда, кредит бюроларига бевосита мурожаат қилиш орқали ариза бериш мумкин бўлади.
Ариза берилгач, у дарҳол реестрга киритилади ва кредит битими тузишга тақиқ қўйилади. Фуқаро хоҳласа, тақиқни олиб ташлаш учун ҳам ариза бериши мумкин.Ушбу хизматлар бепул кўрсатилади.
Реестрнинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, кредит бюролари жисмоний шахсларнинг аризалари асосида рўйхат юритади.
Банклар, нобанк кредит ташкилотлари ёки микромолия ташкилотлари реестрни текширмасдан туриб кредит битимини тузиши мумкин эмас.
Агар шундай ҳолат юз берса, яъни фуқаронинг хабарисиз кредит расмийлаштирилса, барча ҳуқуқий оқибатлар ушбу молиявий ташкилот зиммасига юкланади.
Бундан хулоса шуки, ушбу кафолат фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади — фуқаро истаса, кредит расмийлаштирилишини тақиқлаб қўйиши мумкин. Бу тартиб уларни фирибгарликдан ҳимоя қилади ва банклар ҳамда кредит ташкилотлари зиммасига масъулият юклайди.
АСОС: «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 16¹-модда.
Гулноза Бобоева, ЎзА