Кураш “Ислом бирдамлиги” ўйинлари дастурида

103

Миллий спортимиз кураш жорий йилнинг 7-21 ноябрь кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган “Ислом бирдамлиги” ўйинлари тизимидан жой олди.

Мазкур муҳим қарор ота-боболаримиздан мерос қадриятимиз бўлган курашнинг спорт тури сифатида Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)га аъзо мамлакатлар орасида янада кенг тарғиб этилиши ва унинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги навбатдаги ишончли қадам бўлди.

Халқаро кураш ассоциацияси хабарига кўра, Ар-Риёдда ўтадиган “Ислом бирдамлиги” ўйинларининг кураш мусобақаларида қатнашиш Осиё ва Африкадаги барча миллий Кураш федерациялари учун очиқ ҳисобланади.

“Ислом бирдамлиги” ўйинлари ташкилий қўмитаси билан келишувга кўра, ҳар бир мамлакат делегацияси мусобақаларда 2 нафар мураббий, 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл курашчидан иборат бўлиши белгиланган.

Кураш беллашувларида эркаклар -66 ва -81 килограмм, хотин-қиз курашчилар -57 ва -70 килограмм вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга чиқади.

Т.Рўзиев,

ЎзА