Шарм Аш-Шайх саммитида Ғазо бўйича тинчлик шартномаси имзоланди

125

Айни пайт Шарм аш-Шайхда Ғазо бўйича тинчлик келишуви расман тасдиқланадиган саммит ўтказилмоқда. Мисрда йиғилган йигирмага яқин давлат раҳбарлари орасида Ғарб, араб ва мусулмон мамлакатлари етакчилари бор, деб хабар берди BBC нашри.

АҚШ, Қатар, Миср ва Туркия Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш тўғрисида имзолаган битим кўплаб қоида, низом ва бошқа масалаларни ўз ичига олган муҳим ҳужжат саналади.

Тадбирга етиб келган АҚШ етакчиси Дональд Трамп амалга оширилаётган келишувнинг иккинчи босқич музокараси бошланганини маълум қилди. У Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисий билан бирга журналистлар саволларига жавоб берди:

— Иккинчи босқич, бизнинг нуқтаи назаримиздан, бошланди. Биласиз, босқичлар бир-бири билан уйғун. Энди Ғазони тиклашга киришилади. Турли мамлакатлардан келган етакчилар, таклиф қилинган барча иштирокчилар умумий ишга нисбатан ҳурмат кўрсатмоқда.

“Анадолу” ёзишича, агар Эрон АҚШ билан музокара қилишга тайёр бўлса, бу мамлакатдан санкция олиб ташланиши мумкинлиги ҳам очиқланган.

Оқ уй раҳбари 13 октябрни Яқин Шарқ учун, ниҳоят, тинчлик келтирган «буюк кун» деб атади. “Бугун биз нишонлаётган бурилиш воқеаси Ғазодаги уруш тугашидан ҳам муҳимроқ. Бу бутун Яқин Шарқ учун янги даврнинг бошланиши», дея қўшимча қилган Америка раҳбари.

Б.Худойбердиев, ЎзА