Ота-оналарнинг ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлиши болаларда депрессия ҳолатларининг ортишига сабаб бўлмоқда
Болаларни тарбиялаш жараёни ҳар доим ҳам осон кечмайди. Ота-оналар фарзандларига тарбия бериш, уларнинг ҳаётда муваффақият қозонишини таъминлаш мақсадида турли тарбиявий усуллардан фойдаланадилар.
Аммо баъзида ҳаддан ташқари қатъийлик, руҳий ва жисмоний босимнинг кучайиши боланинг психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Американинг WebMD нашри маълумотларига кўра, ота-оналарнинг ҳаддан ташқари қаттиққўллиги болаларда депрессия ва бошқа руҳий муаммолар хавфини оширади. Айниқса, ўсиш давридаги болалар учун бундай стрессли муҳит узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, болаларни тарбиялашда рағбатлантириш ва руҳий қўллаб-қувватлашни асосий омил қилиб олиш зарур.
Ота-оналарнинг тарбиявий услуби боланинг руҳий саломатлигига бевосита таъсир қилади. Ҳаддан ташқари қатъий ва назоратчи ёндашув, жисмоний жазолар ва мулоқотни чеклаш каби методлар болаларда ўзини тушунилмаган, ёлғиз ва қадр-қимматидан маҳрум ҳис қилишига сабаб бўлади. Бундай психологик муҳит, айниқса, ўсиб бораётган боланинг онгида стресс ва хавотир даражасининг ошишига олиб келади.

Психологик босим остида тарбияланган болаларда депрессия ҳолатларининг кўпайиши кузатилган. Бу ҳолат, ўз навбатида, боланинг ижтимоий фаолиятига, ўқишга бўлган қизиқиши ва ўзини англаш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жисмоний жазолар болаларда жисмоний ва руҳий травмаларни келтириб чиқаради, бу эса уларнинг ўз-ўзига бўлган ишончини камайтиради.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ота-оналар фарзандларини рағбатлантириш ва руҳий қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор қаратганда, болаларнинг руҳий ва ақлий саломатлиги яхшиланади. Масалан, фарзанд билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, ижобий фикрларни рағбатлантириш ва уларнинг ҳис-туйғуларини эътиборга олиш болалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратади. Бу эса уларнинг ўзини қадрлаш ва стрессга чидамлилик даражасини оширади.
Натижада, ота-оналарнинг тарбиявий услубини такомиллаштириш ва психологик саломатликни эътиборга олган ҳолда, боланинг индивидуал хусусиятларини инобатга олган ёндашувни қўллаш муҳим. Зеро, бола руҳий жиҳатдан соғлом бўлса, у жамиятда ҳам фаол ва муваффақиятли шахсга айланиш имконига эга бўлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА