Буюк Британия тажрибаси Қорақалпоғистонда

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида «Олти дюйм тупроқ» ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мақсад – деградацияга учраган ерларнинг унумдор қатламини қайта тиклаш бўйича Буюк Британия тажрибасини ўрганиш ва уни Қорақалпоғистон шароитида қўллаш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат.
Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, ишлаб чиқариш вакиллари, фермерлар, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тақдимот якунида фильмда акс эттирилган илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Институт ректори Б.Жоллибеков раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада иштирокчилар ушбу тажрибани Қорақалпоғистон шароитида жорий этиш имкониятлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунлангач Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларига янги замонавий лабораториялар тақдим этилиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги