Рўйхатга олиш – аҳоли турмушини яхшилашга хизмат қилади
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармон қабул қилинди.
Фармонга кўра Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу жараён мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
– Тадбир икки босқичда амалга оширилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари К.Омаров.
Илгари 15-31 январь оралиғида фуқаролар «census.stat.uz» портали орқали (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Ушбу босқичда тўпланган маълумотлар 3 кун ичида таҳлил қилинади. Кейинги босқичда, яъни 4-28 февраль кунлари оралиғида «маҳалла еттилиги» ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб маълумот тўплайди.
Бу орқали – аҳоли ҳақида батафсил маълумот йиғиш: оилалар таркиби, ёшлар ва кексалар улуши, таълим даражаси, бандлик ҳолати ва миграция жараёнлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ҳолат: ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади.
Рўйхатга олиш ишлари қиш мавсумига мўлжаллангани ҳам қулайлик яратади. Сабаби, бу даврда аҳоли кўп ҳаракатланмайди, қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар камаяди. Бу нарса фермер ва деҳқонлар учун ҳам маълумот беришда енгиллик яратади.
Энг муҳими – рўйхатга олиш жараёни нафақат рақамларни йиғиш учун, балки фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилиш учун асос бўлади.

Айни пайтда жойларда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси томонидан тегишли мутахассисларни (тренерларни) тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, статистика бошқармасида махсус штаб ва Cалл-центр ташкил этилиб, ташкилий режа тайёрланмоқда ҳамда маҳаллалардаги аҳоли сонини еттиликка бўлиш ишлари олиб борилмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги