Ўзбекистон ва Россия креатив иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик битимини имзолади

98

Санкт-Петербург шаҳрида БРИКС, МДҲ, ШҲТ ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларининг 30 дан зиёд мамлакатидан 2000 га яқин иштирокчини бирлаштирган Креатив иқтисодиёт бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман дастурига саноат тармоғининг жаҳон иқтисодиёти ва халқаро ҳамкорликдаги ўрнига бағишланган 50 дан ортиқ тадбир киритилди.

“Россия креатив иқтисодиёти” мавзусидаги ялпи мажлисда РФ ҳукумати раисининг ўринбосари Александр Новак ва Стратегик ташаббуслар агентлиги бош директори Светлана Чупшева билан бирга Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси, Президент Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари Гаянэ Умерова ҳам сўзга чиқди. У ўз мурожаатида креатив иқтисодиёт мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ушбу соҳа кенг кўламли маданий ташаббусларни амалга ошириш ва хорижий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшаётганига эътибор қаратди.

Тадбир қатнашчилари қайд этишича, мамлакатимизнинг конференциядаги иштироки жаҳон кун тартибини шакллантиришдаги фаоллигини яна бир бор тасдиқлайди. Қолаверса, ижодкорлик барқарор ривожланиш ва маданий мулоқот манбаи сифатида беқиёс аҳамият касб этади.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда РФ Стратегик ташаббуслар агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома имзоланди. Ушбу битим Россиянинг 67 ҳудудида аллақачон қўлланаётган тартибга солишга оид энг яхши амалиёт, услубий асос ва таҳлилий воситаларни жамлаган Креатив саноатни ривожлантириш минтақавий стандартини республикамизга мослаштириш ва жорий этишни назарда тутади.

Бундан ташқари келишув икки мамлакат ўртасида креатив иқтисодиёт соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқот ўтказиш ҳамда креатив саноат тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун кенг имконият очади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА