Мисрдан катта ғалаба билан қайтган ёшлар

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида пара-пауэрлифтинг бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада дунёнинг 27 давлатидан 120 нафар спортчи иштирок этди. Қизғин беллашувларга бой ўтган мусобақа якунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 27 та олтин, 11 та кумуш ва 9 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Аҳамиятли томони шундаки, жамоамизнинг ушбу катта ғалабасига қорақалпоғистонлик пара атлетлар ҳам ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Жумладан, ўсмирлар ўртасида 88 кг вазнда иштирок этган Азизбек Пердебаев олтин, ёшлар ўртасида 88 кг да Ҳусниддин Усмонжонов битта кумуш ва бронза медалини, қизлар ўртасида 55 кг Зуҳра Йўлдошева ва 79 кг да Турсиной Турсинбоева олтин ва Азада Балтабаева бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– Пара-пауэрлифтинг спорти республикамизга 2017-2018 йилларда кириб келган эди, – дейди Ҳусниддин Усмонжоновнинг устози Ислом Рўзибоев. – Мана шундан буён, республикамиз вакиллари Ўзбекистон ва Осиё чемпионатларида иштирок этиб келмоқда. Бугунги ғалаба республикамиз пара-пауэрлифтингларининг қўлга киритган энг катта ғалабаси бўлди. Энди шу йилнинг 7-21 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказиладиган Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўрамиз.
Ғолиб параспортчиларни мусобақага Қуролбой Оразимбетов ва Ислом Рўзибоевлар тайёрлади.
Бугун ушбу ғолиб параспортчиларимиз Нукус Темир йўл вокзалида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги вакиллари, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида тантанали равишда кутиб олинди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси