Соғломлик элчилари спорт майдонида

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий болалар тиббий реабилитация марказида тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида, спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, мини-футбол турлари бўйича Спартакиада ташкил этилди.
Спартакиаданинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Гавҳар Абдисаметова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Лизахан Байбосинова, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Гулайим Шразова, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигининг оммавий спортни ривожлантириш бўлимининг бошлиғи Икрам Қудияровлар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.
Қизғин ўтган спорт мусобақалари якунида, шахмат бўйича аёллар ўртасида қонликўллик Нурсулув Узоқбоева биринчи, бўзатовлик Элмира Сатбоева иккинчи ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали ходими Перуза Дошанова учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, эркаклар ўртасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали ходими Қуватбой Торешов биринчи, Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази ходими Дармен Аманиязов иккинчи ва қўнғиротлик Ўктам Рейповлар учинчи ўринга сазовор бўлди. Шахмат бўйича ўтказилган мусобақаларда тахтакўпирлик Мафруза Реймова биринчи, чимбойлик Равшан Султонова иккинчи ва қонликўллик Иқбол Смайлова учинчи ўринларга муносиб деб топилди. Эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақаларда элликқалъалик Ҳамдам Дурдиевга тенг келадиган рақиб топилмади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали ходими Адилбай Рейимбаев ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими Мэлс Ескабуловларга иккинчи ва учинчи ўринлар насиб этди. Спортнинг стол тенниси тури бўйича аёллар ўртасида нукуслик Луиза Алиева биринчи, тахиатошлик Жаннет Татикова иккинчи ва мўйноқлик Айнаш Махамбеталиева учинчи, эркаклар ўртасида мўйноқлик Санжар Есжанов биринчи, нукуслик Айбек Атамуратов иккинчи ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Қорақалпоғистон филиали ходими Дамир Калимбетов учинчи ўринларни қўлга киритди. Мини-футбол бўйича ўтказилган ўйинларда эса Чимбой тумани тиббиёт бирлашмаси бош совринни қўлга киритди.

Финалда чимбойликларга ютқазиб қўйган Кегейли тумани тиббиёт бирлашмаси иккинчи, Шуманай тумани тиббиёт бирлашмаси фахрли учинчи ўринларга лойиқ деб топилди. Спартакиада якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган Фахрий ёрлиқ, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги