Марказий банк кредит шартномалари шартлари юзасидан тижорат банкларини огоҳлантирди

120

Шартнома шартлари қонунчиликка мос бўлиши керак

Сўнгги пайтларда айрим банклар томонидан кредит шартномаларига истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи шартлар киритилаётгани кузатилмоқда.

Марказий банк бу амалиётларни қонунчиликка зид ҳолат сифатида баҳолайди ва бундай шартларнинг бекор қилиниши, шунингдек, кредит қайтариш жадвалидаги ўзгаришлар ҳақида банклар томонидан мижозларга ўз вақтида тўлиқ маълумот берилишини зарур деб ҳисоблайди.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 66-моддасига мувофиқ, кўрсатиладиган банк хизматларининг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни мижозга тақдим этишни рад қилишга йўл қўйилмаслиги, банклар кредит бериш қандай шартлар асосида амалга оширилаётгани ҳақида мижозга ахборот бериши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида ижрочи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, 21-моддасида эса шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши қайд этилган.

«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида»ги низомнинг 121-бандига асосан банк истеъмолчига банк хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши керак.

Таъкидлаш лозимки, кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади ва қарздор учун муҳим аҳамиятга эга маълумотларни — кредит қолдиғи, асосий қарз ва фоиз бўйича тўлов миқдорлари ҳамда уларнинг амалга оширилиш саналарини ўз ичига олади. Шу билан бирга, кредитни қайтариш жадвалидаги ўзгаришлар — бу кредит шартларининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Бунда, истеъмолчига кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб берилмаслиги қарздор тўлов миқдорини ва санаси ҳақида хабардор бўлмаслиги натижасида қарздорликни ўз вақтида ва тўлиқ сўндирмаслик хатарлари юзага келиши, бу эса ортиқча фоизлар ҳисобланишига, жарималар қўлланишига, кредит тарихи салбий томонга ўзгаришига, шунингдек банк ва қарз олувчи ўртасида низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқорида қайд этилган қонунчилик талабига кўра, кредит шартномасининг бир нусхасини қарздорга бериш — бу банкнинг мажбурияти. Шу боис, истеъмолчининг сўровидан қатъий назар истеъмолчи учун муҳим бўлган маълумотлар (кредит қолдиғи, тўловни амалга ошириш санаси, асосий ва фоиз қарзи бўйича тўлов миқдорлари) акс эттирилган кредитни қайтаришни актуал жадвали банклар томонидан тақдим этилиши таъминланиши лозим.

Марказий банк тижорат банклари кредит шартномасини тузишда устунлик кучига эга бўлиб, кредит шартномаларига жавобгарликни ўзидан олиб, истеъмолчига юклаган ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи шартларнинг (талабларнинг) киритилишини қонунчилик талабларига зид деб ҳисоблайди.

Шу муносабат билан барча тижорат банкларидан: кредит шартномаларига бундай шартларни киритиш амалиётини тўхтатиш ва аввал тузилган кредит шартномаларига бундай шартни бекор қилишга доир ўзгартириш киритиш орқали бартараф этишни; кредитни қайтариш жадвалида кредит қолдиғи, тўловни амалга ошириш санаси, асосий ва фоиз қарзи бўйича тўлов миқдорларига доир ҳар қандай ўзгаришлар бўлган тақдирда, банк қарздорга янгиланган жадвални тақдим этилишини таъминлаш талаб этилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА