Олий даражадаги мулоқот: минтақавий барқарорлик ва тараққиёт йўлида

Муносабат
Кўп минг йиллик мустаҳкам илдизга эга Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасидаги ўзаро муносабат умумий тарихга, ягона динга, миллий, маданий ва маънавий қадриятлар ўхшашлигига, тил ва этник умумийликка асосланади. Икки халқнинг маданияти, тили, анъаналари шу қадар бир-бирига яқинки, айни жиҳатлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Озарбайжон – мамлакатимизнинг Жанубий Кавказдаги стратегик ҳамкори ва қардош давлат ҳисобланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон қадимий ва янги тарихда ҳамиша яқин ҳамкорлик олиб борган бўлиб, дўстона муносабатларни сақлаб келмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари орасида Озарбайжоннинг алоҳида ўрни борлиги мамлакатларимиз ўртасидаги олий ва бошқа даражадаги фаол мулоқотдан далолат беради.
Жорий йилнинг 6-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга бўлган амалий ташрифи минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияда янги саҳифалар очишга қаратилган муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Бу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.
Ўзаро муносабатнинг янги босқичи давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар жадал ривожланишида акс этмоқда.
Илк бор Тошкент шаҳри “Гардашлик” озарбайжон миллий маданий маркази сифатида 1989 йил ташкил этилган тузилмага кейинчалик Самарқанд ва Бухородаги бўлимлар қўшилди.
2003 йилга келиб, ушбу жамоалар негизида Республика озарбайжон миллий маданий маркази тузилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Икки давлат халқларини ўхшаш миллий урф-одат, анъаналар, маданият ва дин, икки томонлама алоқаларнинг бой тарихи ҳамда минтақавий ҳамкорликдаги умумий манфаатлар бирлаштиради. Озарбайжон билан муносабатлар муҳимлигидан келиб чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларларга 2024 йилда ўтказилган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси якуни бўйича Иттифоқчилик даражаси берилиб, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг энг юқори даражаси ҳисобланади.
Маълумот ўрнида сўнгги саккиз йил ичида мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7,8 баробар ошиб, 2024 йил 253 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биродар халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида 2023 йилда Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги замонавий мактаб қурилди. Озарбайжон халқи ушбу ишни мамлакатимиз Етакчисининг ҳудудда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш йўлидаги буюк саъй-ҳаракати сифатида юксак эътироф этди.
Давлатимиз раҳбари Озорбайжонга ташрифи давомида Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиб, ташкилот келажаги учун муҳим аҳамият касб этувчи ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар ҳар томонлама ўйлангани, ташкилотга аъзо давлатлар имконияти ва эҳтиёжларини қамраб олгани билан эътиборга молик бўлиб, уларни бугунги глобал геосиёсий муаммоларга қарши биргаликда ҳаракатланиш дастури сифатида баҳолаш мумкин.
Маданият, маънавият, илм-фан, таълим ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Туркий давлатларни 2030-йилгача ривожлантириш стратегияси, “Абадий дўстлик ва қардошлик шартномаси” ҳамда иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашни ташкил этиш ғоялари илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистонда Туркий дунё халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Президентимиз таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратаётган мамлакат сифатида Ўзбекистонда Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини маълум қилди. Бу таълим маркази ёшларнинг илмий салоҳиятини бирлаштиради. Келажакка ўзаро яқин, дўст, ҳамфикр сифатида яқдил куч сифатида илдамлаш имконини беради.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги серқирра ва самарали алоқалар, саммитда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ТДТ давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, экологик ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси