Соҳа мутахассислари иштирокида учрашув ўтказилди

108

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи органларда коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чоралар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида шу масалага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, прокуратураси, Ички ишлар вазирлигидан мутахассислар, филиалнинг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

– Филиалимизда ходимларнинг ҳуқуқий билимини, коррупцияга қарши иммунитетини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш, тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида «Биз коррупцияга қаршимиз,» «Бизнинг филиалда коррупцияга ўрин йўқ,» «Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз» каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда, – дейди филиал директори Б.Еримбетов. – Бугунги кунда талабаларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш жараёнларининг шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида имтиҳонларга доимий равишда жамоатчилик вакиллари жалб этилиб, имтиҳон натижалари онлайн тарзда эълон қилиниши йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, тадбирда филиал профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларга коррупция ҳолатларига гувоҳ бўлганда қаерга мурожаат қилиш кераклиги, ишонч рақамлари, маълумот берган шахснинг сир сақланиши кафолатланиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иштирокчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли соҳа мутахассисларидан жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги