Зарарли лаззат ортидаги хавф

106

Дунё бўйлаб тез тайёрланадиган, газли ва энергетик ичимликлар истеъмоли кундан-кунга ортиб бормоқда. Фаст-фуд ва газли ичимликлар мазали таъм ва тўйимлиликка эга бўлиб, ёшлар ва тиғиз кун тартибига эга инсонларнинг овқат рационида севимлига айланган. Лекин бу маҳсулотларнинг соғлиқ учун зарари илмий жиҳатдан исботланган.

Тез тайёрланадиган овқатлар кўп миқдорда калория, тўйинмаган ёғлар, туз ва шакар, шунингдек, кам миқдорда витаминлар ва минералларни ўз ичига олади. Булар эса семизлик, юрак касалликлари, юқори қон босими, диабет ва овқат ҳазм қилиш муаммолари каби жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.

Баъзи тадқиқотлар фаст фуд истеъмоли миянинг ҳиссиётларга жавоб берувчи қисмига таъсир қилиб, депрессия аломатларини келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатади. Қолаверса, кўп миқдорда тузланган ва қайта ишланган маҳсулотлар буйрак ва жигар фаолиятига салбий таъсир қилади.

Газли ичимликлар доимий истеъмол қилинганда семизлик, қандли диабет, тиш касалликлари, остеопороз (суякларнинг заифлашуви) каби соғлиққа салбий таъсирлар кўрсатади, чунки улар кўпинча кўп миқдорда шакар сақлайди. Шакар миқдорининг кўплиги қондаги қанд миқдорини кўтариб, қандли диабет ривожланиш хавфини оширади. Баъзи тадқиқотлар газли ичимликлар суякларнинг заифлашувига, яъни остеопороз ҳолатига олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Бундан ташқари, тиш эмалининг мўртлашиши ва емирилишига ҳам таъсир кўрсатади.

Бу каби маҳсулотларнинг харидоргирлигига асосий сабаб, шаҳарнинг аҳоли кўп истиқомат қилувчи қулай локацияларида фаст-фуд овқатланиш масканларининг ташкил этилгани ва нархлар ҳам миллий ва чет эл таомларига нисбатан пастлигидир. Бундан ташқари, газли ичимликлар ва тез тайёр бўлувчи таомлар таркибидаги ингредиентлар киши учун жуда мазали ва қайта-қайта танлов қилишга ундайди. Бунда инсонда ўрганиб қолиш ҳисси пайдо бўлади.

Табиийки, бир деганда бу масалани ҳал қилиш ва тез тайёр бўладиган овқатларни истеъмолдан чиқариб ташлаш, газли ва энергетик ичимликлар савдосини чеклаш мумкин эмас. Лекин ҳар бир инсон саломатлигини ҳисобга олган ҳолда, унга қувват берувчи ва витамин-минералларга бой таомлар истеъмол қилиши ҳаёт сифатини яхшилайди.

Ҳозирда тармоқларда машҳур моделлар, блогерлар ва диетологлар “шакарсиз кун”, “Фаст-фуд истеъмолини чекланг!” шиорлари остида тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Ушбу ҳаракатлар ҳам маълум қадар ўз самарасини бериши ва инсонлар орасида соғлом овқатланиш пайдо бўлиши учун ёдам беришига ишонамиз.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА