Ижтимоий тармоқлар ёшлар учун имконият эшигими ёки иллат доми?
Бугун интернет ҳар бир хонадонда мавжуд. У илмий маълумотлар, янгиликлар ва тажрибалар алмашиш майдони бўлиши керак аслида. Аммо афсуски, айрим ёшлар учун у маънавиятни заҳарлаётган иллат манбаига айланмоқда.
Интернет — билим манбаими ёки иллат қамоғи?
Болалар ўйинларидан иборат болалик кунлари энди телефон экранларига алмашган. Илгаригида “Оқ теракми, кўк терак?”, “Қувлашмачоқ”, “Арқонда сакраш” каби ўйинлар болалар ҳаётининг ажралмас қисми бўлган бўлса, бугун смартфон уларнинг овунчоғи бўлиб қолди.
Гоҳида “Баъзан, бир кун бўлса-да, барча телефонлар ишламай қолса, биз ҳам ўша қизиқарли ўйинларни ўйнасак эди”, — дейдиган ёшларни эшитамиз. Бу сатрларда оғриқли ҳақиқат ётади.
“Фақат бир марта кўраман” деган бола энди ўзини тўхтата олмайди
Психологларнинг таъкидлашича, беҳаё контентни тасодифан кўрган ҳар қандай ёш миясида “ҳаяжон импульси” пайдо бўлади. Бу импульс дофамин гормонини фаоллаштириб, мияда қайта-қайта ўша контентни излаш истагини уйғотади.
Натижада ёшлар беҳаёликни оддий ҳолат деб қабул қила бошлайди. Бу — руҳий инқирознинг бошланиши. Мия буни “ҳаловат” деб қабул қилса, қалб “уят”ни унутади, дейиш мумкин.
Лайклар ва кузатувчилар ортидаги фожиа
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда обрў — билим ёки меҳнат эмас, “лайк” ва кузатувчи сони билан ўлчанмоқда. Бу эса ёшлар онгида сунъий меъёрларнинг шаклланишига олиб келмоқда.
Қизлар ўз жозибасини “омад” деб билса, йигитлар аёлни “контент объекти” сифатида кўришга ўрганмоқда. Бундай ёлғон меъёрлар нафақат интернетда, балки ҳаётий муносабатларда ҳам ахлоқий инқирозни келтириб чиқармоқда.
Беҳаё контент инсонда стресс ва депрессияни кучайтиради, ҳаётга қизиқишни сўндиради, жамиятдан узилиш ҳолатини келтиради. Энг хавфлиси, беҳаёлик инсонни ҳиссизлик ва беҳурматликка ўргатади. Бу эса жамият маънавияти учун энг катта таҳдид.
Ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, 726 нафар иштирокчидан 70 фоизи кунига икки соатдан зиёд вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишини билдирган. Бу йилига ўртача 46 кун дегани. Демак, инсон ҳаётининг 60 йилидан камида 7,5 йили экран олдида ўтади.
Баъзи ёшлар эса кунлик 5–10 соат вақтни фақат интернетда сарфлаётганини яширишмайди. Бу рақамлар интернет фойдаланувчиси фақат вақтини эмас, балки диққат ва руҳий барқарорлигини ҳам йўқотаётганини кўрсатади.
500 нафар ёш иштирок этган бошқа сўровда эса 72 фоизи “беҳаё видеоларни тасодифан олганман”, 38 фоизи “уларни қайта излашни бошлаганман”, 15 фоизи “бу ҳолат руҳий саломатлигига таъсир қилганини” айтган.
Бу рақамлар интернет нафақат ахлоқий, балки руҳий соҳада ҳам сезиларли таъсир даражасида эканини кўрсатади.
Давлат ва таълим тизимининг роли
Рақамли технологиялар вазирлиги фуқароларни номақбул контентдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий механизмларга эга.
Амалдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 707-сон қарорига мувофиқ, тақиқланган ахборот манбалари махсус реестр орқали чекланади. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида медиа саводхонлик ва ахборот гигиенаси дарсларини жорий этиш, психологик хизматлар ва медиа муҳокама клубларини ташкил қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
“Ижтимоий тармоқлар одоб-ахлоқ кодекси” зарурати
Интернет майдонида ҳар бир инсоннинг эркинлиги бўлса-да, унинг маънавий чегараси бўлиши шарт. Шу боис, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар учун алоҳида “Одоб-ахлоқ кодекси” ишлаб чиқиш вақти келди.
Бу кодекс нафақат чекловчи ҳужжат, балки ахборот маданиятини шакллантирувчи миллий дастур сифатида хизмат қилиши лозим.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, ижтимоий тармоқлар ёшлар учун имконият эшигими ёки иллат доми — буни ҳар ким онгли равишда ҳал этади. Интернетда “ахборот эркинлиги” билан “ахлоқ эркинлиги”ни адаштирмаслик — XXI аср ёшининг асосий вазифаси. Маънавиятни асраш учун чеклов эмас, масъулият керак. Ахборот оқимида ғарқ бўлган замонда руҳий соғломлик ва миллий қадриятларни муҳофаза қилиш — бугун ҳар биримиз учун энг катта синов.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА