БМТ Бош котиби Исроил ва ҲАМАС келишувини олқишлади

105

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик келишувини олқишлаб, ташкилот томонларни қўллаб-қувватлаш ва гуманитар ёрдамни кўпайтиришга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп тегишли режанинг биринчи босқичи амалга ошириш ниятига эришилганини маълум қилганди. Битимга кўра,  Фаластин ҳаракати гаровга олинганларни озод қилади, Исроил эса қўшинини ҳудуддан тўлиқ олиб чиқиб кетади.

– Трамп томонидан илгари сурилган таклиф асосида Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув эълон қилинишини олқишлайман, – деди Гутерриш. – БМТ битим шарти тўлиқ бажарилиши, гуманитар ёрдам кўпайтирилиши ва Ғазони қайта қуриш бошланишини қўллаб-қувватлайди. Барча манфаатдор томонларни ишғолни тугатиш, Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олиш, исроиллик ва фаластинликларга тинч, хавфсиз яшаш имконини берадиган икки давлат ечимига эришиш йўлида ишончли сиёсий тизим яратиш учун ушбу қулай имкониятдан фойдаланишга чақираман. Бу борадаги манфаатлар ҳар қачонгидан ҳам юқори.

С.Раҳимов, ЎзА