Қорақалпоқнинг илк аёл бастакори 80 ёшда

115

Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейида Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг халқ таълими аълочиси, устоз Абадан Сапарованинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан адабий суҳбат кечаси бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, оила аъзолари ва шогирдлари иштирок этди.

Тадбирда юбилей муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклар топширилди. Кеча давомида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоблари, бастакорлар, Қорақалпоғистон халқ шоирлари, идораларнинг, фонд ва театрларнинг раҳбарлари сўзга чиқиб, устознинг ижодий ишларига юқори баҳо берди.

Қорақалпоқ халқининг биринчи аёл скрипкачиси, илк аёл бастакор А.Сапарова 50 дан ортиқ қўшиққа мусиқа ёзган. Унинг Ш. Мамбетмуратов шеърига ёзилган «Асал ари янглиғ изладим сени,» С. Давлаталиевнинг шеърига ёзилган «Учрашув» каби куйлари халқимизнинг севимли қўшиқларига айланди. «Қизларимни қизғонаман,» «Қойил она,» «Шифокорлар» каби қўшиқлари халқ орасида кенг танилди.

Узоқ йиллар давомида А.Сапарова мусиқа соҳасида устозлик ва ижодий фаолият олиб борди. У Нукус мусиқа мактабининг ва бир неча маданий муассасаларнинг раҳбари, Қорақалпоғистон бастакорлар уюшмасининг масъул котиби бўлиб ишлади. 2001 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси «Олтин мерос» жамғармасининг Қорақалпоғистон бўлимини бошқариб келмоқда.

1994 йили Олмаота шаҳрида ўтказилган «Туркий тилли халқлар мусиқалари» халқаро симпозиумига раислик қилди.

1997 йили Германиянинг Бонн, Мюнхен, Келн, Франкфурт шаҳарларида ўтказилган конференция ва фестивалларда халқимизнинг бой фольклори, жировчилик анъанасини чет элларга танитди.

Тадбирда А.Сапаровага Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Мурат Атамуратов миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, тарғиб қилиш йўлидаги самарали меҳнатлари учун «Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фондининг «Олтин мерос» медалини тантанали равишда топширди.

Тадбир давомида А.Сапарованинг куйларига ёзилган қўшиқлар Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти Т.Дошумова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти М.Сапаэва, Р.Қутекеэва ва бошқалар ижросида иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, Хўжайли тумани 32-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрлаб келинган шеърлар, мусиқа мактабларининг ёш бахши йигит-қизларининг дутор садолари кечанинг янада кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги