Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги ташаббуслари халқаро майдонга ҳам чиқмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқидан иқтибос.
Президент Шавкат Мирзиёев: Мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизми яратишни таклиф этамиз.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2024 йил 30 августда Президент фармони билан “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш учун ҳуқуқий, технологик ва иқтисодий шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.
Президент қарорига мувофиқ, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон умумтаълим мактабларининг юқори синфларида “Сунъий интеллект” фани алоҳида фан сифатида ўқитилмоқда. Ушбу дастур Янги Ўзбекистон университети ва Massachuset технология институти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, UNICEF билан ҳамкорликда “Eduten” рақамли платформаси синовдан ўтказилди. Натижада ўқувчиларнинг математика фанидаги кўрсаткичлари 16,9 фоизга ошгани қайд этилган.
Соғлиқни сақлашда ҳам қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, электрон рецепт тизими ишга туширилиб, дориларнинг маркировкаси, уларни назорат қилиш ва беморларга қулайлик яратиш йўлга қўйилди. Шунингдек, сунъий интеллект асосида ташхис қўйиш ва тиббий маълумотларни таҳлил қилиш лойиҳалари синовдан ўтказилмоқда.
Сунъий интеллект соҳасидаги ички ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни ҳам кенгайтирмоқда. 2025 йил 29 май куни Ўзбекистон ва Қозоғистон болалар саратонини ўрганиш бўйича халқаро академик марказ ташкил этишга келишиб олди. Мазкур марказ диагностика, илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш бўйича муҳим ҳамкорлик платформасига айланиши кутилмоқда.
Халқаро шерикликнинг яна бир йўналиши Япония билан боғлиқ. Хусусан, JICA (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги) билан таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, ихтисослашган тиббий марказлар ва касб-ҳунар таълими каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Марҳабо Ҳожиакбарова, Искандар Исматов, ЎзА