Кикбоксинг бўйича жаҳон кубогининг тантанали очилиш маросими ўтказилди

86

Пойтахтимизда жойлашган Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида кикбоксинг бўйича жаҳон кубоги бошланди.

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида дунёнинг нуфузли мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимиз сафи тобора кенгайиб, мамлакатимиз кўплаб йирик спорт анжуманларига мезбонлик қилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистонда спортнинг барча турлари қатори кикбоксингни ҳам ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, турли нуфузли анжуманларни ташкил этишдаги бой тажриба ва яратилган кенг имкониятлар инобатга олиниб, Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO) томонидан жаҳон кубогига мезбонлик қилиш ҳуқуқи иккинчи бора Тошкент шаҳрига берилди.

Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида 8 октбярь куни жаҳон кубогининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Байрамона безатилган спорт мажмуаси меҳмонлар, спортчи ва мураббийлар, мухлислар билан гавжум бўлди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO), Ўзбекистон спорт вазирлиги, мамлакатимиз кикбоксинг ассоциацияси томонидан қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу жаҳон кубогида 40 давлатнинг 2311 нафардан ортиқ кикбоксинг усталари совринли ўринлар учун беллашади.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА