Мутасаддилар терим жараёнлари билан яқиндан танишди
Кузги ёғингарчилик бошланиши, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши олдидан ёз бўйи деҳқонларимизнинг тинимсиз меҳнати эвазига етиштирилган пахтани ўз вақтида териб-йиғиб олиш муҳим бўлмоқда.
Бу ишлар жараёнининг самарали бўлишини таъминлаш, назорат қилиш тегишли мутасаддиларга юклатилган. Қўнғирот туманида ҳам пахта терими жараёнлари ўрганилди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши бўлим бошлиғи М.Муҳаммадиев, Қорақалпоғистон фермерлари кенгаши раиси ўринбосари Ф.Беканов ва бошқа масъуллар томонидан Қўнғирот туманининг айрим ҳудудларида пахта йиғим-терими жараёнлари ўрганилди.
Ташриф давомида улар Қангли ОФЙ ҳудудидаги «Шавир,» Ажиниёз ОФЙ ҳудудидаги «Керимбаев Кеўлимжай» ва «Джийенбаев Куандик» фермер хўжаликларининг пахта далаларида бўлиб, терим жараёнлари билан яқиндан танишди.
Пахта терими жараёнида теримчилар учун зарур шароитлар яратилгани, меҳнатга ҳақ ўз вақтида тўланаётгани ҳамда иссиқ овқат ва транспорт хизмати билан таъминлаш ишлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, теримда фаол иштирок этаётган илғор теримчилар рағбатлантирилди. Мутасаддилар бу рағбат нафақат теримчиларни рағбатлантириш, балки пахта ҳосилини қисқа муддатда сифатли йиғиб олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги