Халқаро ҳамкорлик: болалар саломатлиги учун чоралар

100

Болаларга эътибор – келажакка эътибор. Шуманай туманида ҳам «Меҳрли инсонлар» жамғармаси томонидан болалар учун қулайликлар яратилди.

Шуманай тумани Тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида «Меҳрли инсонлар» фонди ташаббуси билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро аёллар гильдиясининг гранти асосида болалар дам олиш хонаси ва физиотерапия хоналарида кичик таъмирлаш ва безаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, ушбу хоналарга замонавий асбоб-ускуналар, тренажёрлар ва турли ўйинчоқлар олиб келиниб, болалар учун янада қулай ва шинам шароитлар яратилди.

Туман ҳокими А.Аметов шифохонанинг болалар бўлимига бориб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди ва «Меҳрли инсонлар» жамғармаси вакилларига миннатдорчилик билдириб, болаларга аталган эсдалик совғаларини топширди.

Албатта, бундай эзгу ташаббуслар шифохонада даволанаётган болаларнинг кайфиятини кўтарибгина қолмай, балки уларнинг ички дунёсига илиқлик бағишлаб, тезроқ соғайиб кетишлари учун позитив муҳит яратади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги