Хазон ёққанлар қанча жарима тўлайди?

160

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббалар ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбормаслик тўғрисида огоҳлантиради.

Бу каби ҳуқуқбузарликлар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4, 24-моддалари бузилишига олиб келади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 млн. 236 минг сўмдан 2 млн. 60 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача (2 млн. 60 минг сўмдан 4 млн. 120 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чора­си қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (2 млн. 60 минг сўм — 2 млн. 884 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача (4 млн. 120 минг сўм — 6 млн. 180 минг сўм) миқдорда жарима солинади.

Ўсимлик қолдиқларини ёқиш натижасида атмосферага ис гази, углерод оксиди каби зарарли моддалар ажралиб чиқади. Бу эса нафақат экология, балки инсонлар саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир!

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА