Мутахассис билан суҳбат: бозорда тенг имкониятларни таъминлаш йўллари

Бугунги кунда товар ва молия бозорида, ижтимоий тармоқлардаги реклама материалларида, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ёки товарларини сотишда бўрттириб тасвирлаш: масалан, «биринчи» (номер один), «энг яхши» деган сўзлардан фойдаланиб таққослашлари оқибатида истеъмолчиларни чалғитиб, алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Уларнинг мақсади – енгил йўл билан, осон пул топиш. Ўз маҳсулотларини, брендларини ривожлантириш учун кучини, вақтини сарфлашни хоҳламайди, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмайди. Лекин шундай соҳалар борки, уларда сифатсиз маҳсулотни ишлатиш хавфли, ҳатто ҳалокатга олиб келиши мумкин.
Бу, албатта, инсофсиз рақобатни келтириб чиқаради. Ушбу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ақилбек Ажимовдан бир қатор саволларимизга жавоб олдик.
– Бугун ички бозоримизда инсофсиз рақобатнинг асосан қандай кўринишлари мавжуд?
– Товар ва молия бозорида инсофсизлик тушунчаси рақобат муносабатлари билан боғлиқ бўлиб, нотўғри таққослаш, товар ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг реклама материалларида, ижтимоий тармоқларда ва бошқа усуллар билан ўз товарини, рақобатчи товарга нисбатан юқори даражада таққослаш, рақобатчилар ҳақида салбий маълумотларни тарқатиш ҳисобланади. Бундан ташқари, ўз маҳсулотининг сифати устида ишламасдан, бошқа бир бренд белгисига ўхшаш белгидан фойдаланиш, истеъмолчини чалғитиш мақсадида ташқи кўринишини ўхшатиб, бир-икки ҳарфини ўзгартириб, маҳсулот ишлаб чиқариш, бозорга олиб чиқиб сотиш кўп учрамоқда.
– Инсофсиз рақобатга қарши курашиш мамлакатимизда қандай ҳуқуқий ҳужжатга таянган ҳолда амалга оширилади?
– Юқорида айтилган икки ҳаракат ҳам истеъмолчиларни чалғитишга олиб келади ва қонунчилигимизга зид ҳаракат ҳисобланади. Инсофсиз рақобат Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.
Ушбу Қонун билан, «Хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга ошириш, шу жумладан нотўғри таққослаш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектни ёки унинг товаридан, ўз товарининг устунлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилувчи сўзлардан ёки белгилардан фойдаланиш, товарининг ҳақиқий тасдиқланган тавсифларини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда таққослаш ҳаракатларини амалга ошириш тақиқланади.»
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги қарори билан «Инсофсиз рақобатни аниқлаш» методикаси тасдиқланган. Мазкур методиканинг 6-бандига мувофиқ, «Хўжалик юритувчи субъект, шахслар гуруҳи ёки унинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан ўзини ёки ўзига тегишли товарларни рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъект ёки унинг товаридан устунлиги тўғрисида ҳақиқий далилга эга бўлган товарларининг тавсифларини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмасдан таққослаш, шу жумладан: «энг,» «энг яхши,» «биринчи,» «фақат,» «фақатгина» ва бошқа оширувчи сўзлардан фойдаланиб таққослаш, рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектнинг хизмати ёки унинг товарининг сифати, нархи ва бошқа хусусиятларига салбий баҳо бериш орқали ўз хизмати ёки товари билан таққослаш инсофсиз рақобат белгилари ҳисобланади,» деб кўрсатилган.
Ушбу ҳаракатларни амалга оширган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қонунчилик асосида, тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.
– Мана шундай товар белгиларини рухсатсиз кўчириш ёки фойдаланиш, маҳсулотга ҳаддан ташқари юқори сифат бериб, истеъмолчиларни чалғитиш учун қонунчилигимизда қандай жазо чоралари бор?
– Қонунбузар ноқонуний равишда фойда кўряптими, бошқа бизнесга зарар келтиряптими, истеъмолчиларни чалғитяптими – ҳамманинг кўрган зарарини тўлаши керак.
Рақобат тўғрисидаги қонуннинг 42-моддаси, 4-бандида инсофсиз рақобат юзага келгани учун – хўжалик юритувчи субъектларга товар ёки молия бозорида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, лекин охирги уч йилдан кўп бўлмаган даврда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган товар ёки молия бозорида товарни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 2 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.
– Истеъмолчилар шундай маҳсулотларни олиб, сизларга эътироз билдириб мурожаат қилган ҳолатлар бўлганми?
– Албатта, сўнгги йиллар давомида биз шундай рақобат билан мунтазам курашиб келаётган бўлсак, жуда кўп мурожаатлар олдик. Ҳаттоки, бизга телефон орқали жисмоний шахслар мурожаат қилиб, сотиб олган маҳсулотининг сифатидан қониқмаганлигини айтади. Бу ҳолат ҳар доим инсофли тадбиркорларнинг йўлини тўсишга, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказишга олиб келади.
Ҳозирги кунда шаҳар ва туманларнинг марказларида, ижтимоий тармоқларда тадбиркорларимиз ва ижтимоий тармоқларда реклама тарқатувчи блогерлар томонидан, биринчи (№1, номер один), энг (масалан; энг арзон, энг зўр, фақат, фақатгина) деган сўзлардан фойдаланган рекламалар кўпайиб бормоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳурматли тадбиркорларимиз ва ижтимоий тармоқларда реклама тарқатувчи блогерлар ушбу қонунчилик талабларига амал қилиб фаолият олиб борса, инсофсиз рақобатнинг олди олиниб, истеъмолчиларнинг ўзларига керакли товарларни эркин танлашида чалғитувчи ҳаракатларнинг олди олинган бўлар эди.
Суҳбатлашган:
Мийригул ПИРНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси