Сув хўжалигида ислоҳотлар давоми: янги техника воситалари амалиётда

144

 

Нукус туманидаги «Дўстлик-1» сув тақсимлаш иншоотида сув хўжалиги тизими ташкилотларига янги экскаваторлар ва сувчиларга скутерларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Т.Бутунбаевлар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида сув хўжалиги тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг жойлардаги натижалари ҳақида фикр билдирди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз ва Ҳукуматимизнинг сув хўжалиги тизими фаолиятига оид кўплаб фармон ва қарорлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси учун алоҳида қарорлар қабул қилинди ва улар асосида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги тегишли қарорига асосан, жорий йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси туманларидаги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларига жами 9 дона экскаватор олиб келинди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, тизим ташкилотларига зарур техникалар ва сувчилар учун скутерлар олиб берилиб, уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шундан сўнг, 5 та туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат идораларига янги экскаваторлар ва сув хўжалиги тизими ташкилотларида ишлайдиган 55 нафар ходимга скутерларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда фахрий сувчилар, янги техника ва скутерлар топширилган ходимлар ҳам сўзга чиқиб, Президентимизга, республика раҳбарияти ва Сув хўжалиги вазирлигига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги