«Бир минтақа, бир овоз, бир куч» – Марказий Осиё педагоглари Нукусда бирлашди

5-6 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида «Марказий Осиё педагоглари – бир минтақа, бир овоз, бир куч» шиори остида Марказий Осиё педагоглари халқаро форуми ўтказилмоқда.
Унда Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) таълим вазирликлари, хусусан, Озарбайжон ва Туркия давлатларининг таълим тизими ходимлари, педагоглар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокмоқда.
Форум тадбирлари доирасида иштирокчилар Чимбой туманида бўлди. Ташриф давомида улар туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда қорақалпоқ халқининг бой миллий анъаналари, миллий таомлари ва ҳунармандчилиги билан яқиндан танишди.
Тадбирда қорақалпоқ халқининг бой маданий мероси ва анъанавий қадриятлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Форум иштирокчилари Тахтакўпир туманида жойлашган «Қоратеран» туристик марказига ташриф буюриб, бу ердаги қатор маданий-маърифий тадбирларда иштирок этди.
Хусусан, этнотуристик ҳудудда яратилган шароитлар, қора уй қуриш жараёнлари, ҳақиқий чўл муҳити кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ҳудудда ташкил этилган қорақалпоқ миллий санъати намуналари ва этнографик бадиий чиқишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

– Қорақалпоғистонда ўтказилаётган ушбу форум Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим тадбир ҳисобланади, – дейди қозоғистонлик педагог Гулнора Муқашева. – Тадбир доирасида республикангизнинг кўплаб жойларида бўлиб, ўлкангизнинг ажойиб табиати ва меҳмондўст одамлари менда яхши таассурот қолдирди. Бундай тадбирлар янада давом этишига тилакдошман.
Куннинг иккинчи ярмида педагоглар учун ўқув-семинар тадбирлари ташкил этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги