Мусиқа орқали дўстлик: Италиялик устозлар маҳорат дарси ўтди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ва Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалида «ItARTs» лойиҳаси доирасида фестиваль ўтказилиб, Италия ва қорақалпоқ миллий куйлари ўрин олган концертлар, италиялик тажрибали устозларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 15 февраль куни Италиянинг Аквила шаҳридаги «ALFREDO CASELLA» консерваторияси билан халқаро грант асосида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу келишув асосида италиялик санъат ва маданият соҳаси ходимлари билан ҳамкорликда «ItARTs» лойиҳаси доирасида ташкил этилган фестиваль мусиқа санъати ихлосмандлари учун ажойиб совға бўлди.
Фестиваль доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бўлиб ўтган концертнинг биринчи қисмида республика ва халқаро танловлар лауреати «Жайҳун» халқ чолғулари оркестри томонидан бадиий жиҳатдан етакчи «Шуҳрат» медали соҳиби, Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган ёшлар устози, профессор Ҳикмет Ражабов дирижёрлигида Жоаккино Россинининг «Севиля шаҳзодаси» операсидан увертюра, Эдуардо ди Капуа, Джованни Капурронинг «O Sole mio,» Италия композиторлари асарларидан попурри, Луиджи Денсанинг «Funikuli-funikula,» Эрнесто де Куртиснинг «Torna a Surriento,» Жоаккино Россинининг «Каватина фигар,» Жузеппе Вердининг «Травиата» операсидан «Застолная песня» каби Италия мусиқа санъатининг машҳур асарлари юксак маҳорат билан ижро этилди.
Иккинчи қисмда италиялик талабалар томонидан Клаудио Монтеверди, Франческо Кавалли, Доменико Скарлатти, Доменико Чимароза, Россини Жоаккино, Жузеппе Верди, Жакомо Пуччини операларидан парчалар ижро этилди.

Фестивалнинг иккинчи кунида италиялик тажрибали устозлар талаба-ёшлар учун маҳорат дарсларини ўтказди. Улар ўзларининг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамладилар. Шундай қилиб, италиялик санъаткорларнинг Оролбўйига ташрифи унутилмас воқеаларга бой бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар янада мустаҳкамланиб, мусиқа санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги