«HealthTech Hackathon» Нукус шаҳрида бошланди

82

Нукус шаҳрида «HealthTech Hackathon» синов босқичи бошланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар каби таълим соҳасини, жумладан рақамли технологияларни ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни катта мамнуният билан қайд этди ва тадбир ишига муваффақиятлар тилади.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, ушбу тадбир мамлакатимиздаги умуммиллий сунъий интеллект хакатон лойиҳасининг биринчи босқичи ҳисобланади. AI Hackathon лойиҳаси 2025 йил октябрдан 2026 йил декабргача босқичма-босқич амалга оширилади ва унда 5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиб, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Нукусда ўтказилаётган «HealthTech Hackathon» нинг асосий мақсади – тиббиёт соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришдир. Лойиҳа мамлакатимиз тиббиёт ҳамжамияти ва ИТ-мутахассисларини бир майдонга жамлаб, рақамли соғлиқни сақлаш йўналишида янги ечимлар яратиш учун самарали миллий платформа шакллантиришни назарда тутади.

Тадбир IT ва тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари, ёш шифокорлар, IT мутахассислари ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокида давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги