Чемпионлар тайёрлаш йўлида: боксда янги имкониятлар

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Раджапбай Нуразизов раҳбарлигида бокс спорт турида бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда дастлаб, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш ва оммавий спортни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида соҳага қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида кенг тарзда таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, бошқа спорт турлари қатори Қорақалпоғистон Республикасида боксни янада ривожлантириш, спортчиларимизнинг юқори натижаларга эришиши учун бундан буён ҳам кенг имкониятлар яратиш, 2028 йили Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХ IV ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, лицензия олиш ва медаллар сонини кўпайтириш учун кучли тайёргарликларни кўриш масалалари сўз этилиб, олдиндаги вазифалар белгилаб олинди.

Ўтказилган тадбирда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ёш боксчиларни юртимизда ва хорижда ўтказилаётган мусобақаларга тайёрлашдаги фидойилиги ва фаоллиги учун бир гуруҳ мураббийларга Ўзбекистон Республикаси бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлимининг Ташаккурнома хатлари топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси