Меҳнат ортидан барака: балиқчи ва боғбонлар тажрибаси

Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган аҳоли учун асосий меҳнат ва даромад манбаи ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида кичик корхоналар асосан иссиқхона, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик билан шуғулланмоқда.
Беруний туманининг «Олтинсай» ҳудуди туман марказидан қарийб 40 километр узоқда жойлашган. Ушбу овул фуқаролар йиғинида 6 минг 323 нафар фуқаро яшаб келмоқда. Аҳолининг ушбу йўналишларда бошлаган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтириш мақсадида жорий йилда 1 миллиард 593 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилган бўлса, натижада иш бошлаган тадбиркорларнинг даромади ўсиб, кўплаб қишлоқ аҳолиси доимий иш ўрнига эга бўлди.
Қишлоқ фуқароси Д.Кенжаев ҳоким ёрдамчисининг қўллаб-қувватлаши билан кўлда балиқчилик йўналишини кенгайтириш учун 10 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, яна 4 нафар ҳамқишлоқларини иш билан таъминлади. У.Умрзоқов эса, қишлоқ хўжалигидан ижара асосида ер олиб, деҳқон хўжалиги ташкил этди ва 1 минг 200 туп ток кўчатини экиб, парваришлаб келмоқда. Бу йил ҳосилга кирган узумдан даромад кира бошлади.

Қишлоқ ҳудудида тадбиркорлик ривожланиши билан аҳолининг турмуш даражаси ҳам ошмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги