Ижтимоий тармоқларда мутахассисларни қандай баҳолаш керак?

96

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда блог юритиш ҳар бир инсон учун оддий ҳолга айланган. Эндиликда бу платформалар нафақат расм ва видеолар улашиш жойи, балки турли касб эгалари учун ўз фаолиятини кўрсатиш, мижозлар базасини кенгайтириш ва профессионал портфолио сифатида хизмат қилмоқда.

Блог юритишнинг ижобий жиҳатлари кўп. Мисол учун, ижтимоий тармоқлардаги блог орқали инсон ўзини кенг аудиторияга танитиши, иш фаолиятини намойиш қилиб, мижоз оқимини ошириши мумкин. Шунингдек, блоглар орқали мутахассислар янги хизматлар ва маҳсулотларини тарғиб қиладилар, ўз соҳасидаги янгиликлар ва билимларини бошқалар билан бўлишадилар.

Ижтимоий тармоқлар миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлиб, бу платформалар мутахассисга ўз хизматларини кўрсатишда кенг имкониятлар яратади. Блог орқали мутахассислар ўз шахсий брендини яратиши ва мижозлар билан осон алоқага киришиши мумкин. Бу орқали ишончли шахсий имижини яратиб, кенг аудиторияга эга бўла олади. Қолаверса, иш намуналар, тавсиялар, муваффақиятли натижалар билан мутахассис ўз тажрибасини намоён этиши мумкин.

Шу билан бирга, блог юритишда айрим салбий ҳолатлар ҳам учраб туради. Айниқса, ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви билан ҳар бир кишининг мутахассис бўлиб кўринишга интилиши натижасида сифатли хизмат кўрсатиш мезонлари пасайиб бормоқда. Мисол учун, баъзи мутахассислар бошқалар қўйган ишларни ўз блогларига жойлайди ва хизмат сифати профессионал мутахассисникидан анча паст бўлади. Мижозлар эса обуначи ва кўришлар сонига қараб мутахассис танлаши бу каби сохта мутахассисларнинг бозори кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса, тиббиёт, таълим, косметология каби соҳаларда сифат назорати етарли эмаслиги кўп муаммоларни келтириб чиқаряпти.

Масалан, айрим оддий косметологлар блефаропластика каби мураккаб амалиётларни бажаришга уриниб, беморларда ножўя таъсирлар келтириб чиқармоқда. Ёки ўқитувчилар қисқа муддатда IELTS сертификатига эга бўлишига ваъда бериб, аслида эса умуман қониқарсиз дарслар олиб бораётгани ҳам кундалик ҳаётимизда тез-тез содир бўладиган воқеалардан бири. Бу каби ҳолатлар жиддий хавотир уйғотиб, ижтимоий тармоқларда мутахассис танлашда эҳтиёткорлик зарурлигини кўрсатмоқда.

Ҳар бир инсон ижтимоий тармоқларда мутахассис танлашдан аввал, блогдаги фаолиятга эмас, балки мутахассиснинг малака ва иш тажрибасига асосланган танлов қилиши муҳим. Мутахассиснинг таълим олганлиги тўғрисидаги диплом ва сертификатларини ҳам текшириш унинг тажрибаси ва билимини текшириш учун ишончли манба сифатида хизмат қилади. Ҳар қандай хизматда сифатга алоҳида эътибор бериш, натижалар билан баҳолаш керак.

Ижтимоий тармоқлар орқали ўз фаолиятини намойиш қилиш имконияти кўплаб касб эгалари учун жуда катта афзалликдир. Бироқ, бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда хизмат сифатининг пасайиши ва ёлғон реклама ҳолатлари кўпаймоқда. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзига керакли мутахассисни танлашда фақатгина ижтимоий тармоқдаги блогига эмас, балки унинг ҳақиқий билим ва тажрибасига ҳам эътибор бериши лозим.

Бундан ташқари, мутахассислар ҳам ўз фаолиятини ҳақиқатга мос, сифатли ва ҳалол тарзда олиб боришлари зарур. Бу нафақат уларнинг обрў-эътиборини оширади, балки мижозлар билан узоқ муддатли ва ишончли муносабатларни мустаҳкамлайди. Шундай қилиб, ижтимоий тармоқлар дунёсида сифатли хизмат кўрсатиш ва ҳақиқий малакали мутахассисларни аниқлаш учун билим, тажриба ва шарҳлар асосида танлов қилиш бугунги кунда энг муҳим мезон ҳисобланади.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА