Меҳнатнинг ширин меваси – боғдорчилик

Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғдорчилик ривожланиб, экспорт ҳажми бир неча баробар ошди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида бозор механизмлари асосида боғ ва токзорлар ташкил этиш, экспортни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Республикамиз туманларидаги барча хўжаликларда жами 7,4 минг гектар мевали боғ, 1,8 минг гектар токзор бўлиб, улар йилига 76 минг тонна мева ва 14,4 минг тонна узум етиштириб бермоқда. 2025 йилда 800 гектар майдонда янги боғ ва токзорлар ташкил этилиши режалаштирилган. Режа асосида баҳор ойларида 469 гектар майдонда мевали боғ ва 108 гектар майдонда янги токзорлар ташкил этилди.
Беруний туманида ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Туман боғбонлари боғдорчиликда кўп йиллик тажрибага эга. Уларнинг ҳар мавсумда ўзаро тажриба алмашиш ва илмдан фойдаланиш амалиётини эгаллаши, янги боғлар ташкил этилишига замин яратади.
Туманнинг «Бийбозор» овул фуқаролар йиғинида жойлашган боғдорчиликка ихтисослашган «Ваҳобжон косиб» фермер хўжалигининг умумий ер майдони 7 гектар бўлиб, хўжаликда асосан нок ва узум етиштирилади.

Бугунги кунда фермер хўжалигида нокнинг 4 тури пишиб етилган бўлиб, асосан қиш мавсумига сақлаб қўйилади. Ўзига хос агротехник парваришдан ўтган бу меваларнинг ҳам сақланиш сири бор. Беруний туманида жами 577 гектар мевали боғларнинг 443 гектари ҳосилга кирган. Узумзорлар 92 гектар бўлиб, 70 гектари ҳосил бермоқда ва 22 гектари янги боғлар ҳисобланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги