Ўқитувчи ва мураббийга ҳурмат – олий қадрият

Бугун Қорақалпоғистон санъат саройида «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Тадбирда республикамиз раҳбарияти, вазирлар, таълим соҳаси фидойилари, устоз-нуронийлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни касб байрами билан табриклади.
Таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигидаги ислоҳотлар натижасида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича жуда катта натижаларга эришилмоқда. Ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида барча таълим муассасалари ва ташкилотларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, жорий йилда барча дастурлар асосида, жами 356 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан 35 мактабда ва 36 боғчада қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида олий ўқув юртларида умумий қиймати 145 млрд. сўмлик 2150 ўринли 5 та ётоқхона фойдаланишга топширилди, 3 тамактабда халқаро «Кембриж» ўқув дастури жорий этилди. Қорақалпоғистонлик ёшларни олий таълимга қамраб олиш бўйича ўтган уч йилда 20 минг, жорий йилда қўшимча 10 минг 750 квота берилгани кўнгилларни алоҳида фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда.
Ўтказилган тантанали тадбирда ана шундай эзгу ишлар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан бир гуруҳ соҳа фидойиларига фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари ва рағбатлантирувчи мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
– Бизнинг мактабимиз тарбияланувчилари мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини юксакларда ҳилпиратиб келмоқда. Менинг спортчи ёшларни тайёрлашдаги озгина меҳнатларим инобатга олиниб, «Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган ёшлар устози» фахрий унвони билан тақдирландим, – дейди Республика ўйин турларига ихтисослашган спорт мактаби директори Давлатмурод Қалқоразов. – Биз келгусида ҳам халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларни кўрсатадиган спортчиларни тайёрлашда фидойилик билан хизмат қилаверамиз.
Тантанали тадбир республика санъат усталари томонидан тайёрланган қизиқарли концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси