Робот бошқарадиган автоном дўкон ишга тушди

157

Хитойнинг Galbot компанияси томонидан яратилган ва тўлиқ гуманоид робот томонидан бошқариладиган озиқ-овқат дўкони расман ишга тушди. Бу дўкон инсон аралашувисиз ишловчи илк автоном савдо нуқтаси ҳисобланади.

Дўконда ягона ходим — Galbot G-1номли сунъий интеллектга эга гуманоид робот. У ташриф буюрувчиларни кутиб олади, буюртмаларни қабул қилади ва маҳсулотларни етказиб беради. Дўкон кичик бўлишига қарамай, кунига минглаб мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

Робот мустақил ишлаётган бўлса-да, у ҳали барча жиҳатдан мукаммал эмас. Galbot G-1маҳсулотларни секин ҳаракат билан олиб келади, бу эса узун навбатларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ташқи шовқинлар роботнинг мижозлар билан мулоқотини қийинлаштириши мумкин.

Galbot компанияси раҳбари Вен Айронг бу лойиҳа ҳақида шундай дейди: – Бу фақат дўкон эмас, балки чакана савдога бўлган ёндашувимиздаги янги босқичдир. Биз бу технологияни Хитойнинг бошқа шаҳарларига ҳам ёйишни режалаштиряпмиз.

Компания ҳозирда роботларнинг тезлигини ошириш, шовқинга мослаша оладиган овоз тизимларини жорий этиш ва сунъий интеллектни янада такомиллаштириш устида ишламоқда.

Бу лойиҳа савдонинг келажаги ҳақида жиддий саволларни ўртага ташламоқда. Автоном дўконлар доимий ишлаши, ишчи кучи танқислигини бартараф этиши ва харажатларни камайтириши мумкин. Бироқ ҳозирча бу фақат синов босқичи.

Роботлар одам ўрнини боса оладими ёки бу фақат маркетинг тажрибасими — вақт кўрсатади. Лекин бир нарса аниқ: Пекиндаги бу кичик дўкон катта технологик ўзгаришларнинг бошланиши бўлиши мумкин.

Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА