Трамп хорижий фильмларга 100 фоиз бож солмоқчи

115

АҚШ Президенти яна хорижий кино саноатини нишонга олди.

У душанба куни эълон қилган баёнотида мамлакат ташқарисида ишланган барча фильмларга 100 фоизлик бож жорий этилишини айтди.

– Кино саноатимиз бошқа давлатлар томонидан ўғирланяпти, бу худди боладан қант тортиб олишдек осон кечяпти. Айниқса, Калифорния бундан жиддий зарар кўрмоқда. Шунинг учун АҚШдан ташқарида яратилган ҳар қандай фильмга 100 фоиз бож соламиз. «Make America great again», – деб ёзди Трамп ўз ижтимоий тармоғида.

Етакчи 2024 йил майда Савдо вазирлиги ва Савдо вакилига айни чорани амалга оширишга рухсат берган эди. Июль ойида АҚШ – ЕИ савдо келишуви имзоланган бўлса-да, ҳужжатда кино саноати умуман тилга олинмаган. Европа кино соҳаси вакиллари май ойидаёқ бу таҳдиддан хавотир билдирган, ЕИ музокарада уларнинг манфаати ҳимоя қилинмаслиги мумкинлигини айтган.

АҚШ кино ва медиа саноатини ҳимоя қилувчи “Motion Picture Association” (MPA) ташкилоти эса Трамп маъмуриятига мурожаат қилиб, Европа қонунчилиги туфайли Американинг йирик стриминг платформалари қийин аҳволга тушиб қолаётганини билдирди. Яъни, ЕИ ҳудудида хизмат кўрсатувчи платформалар каталогининг камида 30 фоизини Европа фильмлари ташкил этиши шарт.

Европа Аудиовизуал обсерваторияси маълумотига кўра, 2023 йил Қўшма Штатларда 4,8 миллион Европа фильми намойиш этилган. Еврокомиссия ҳозирча Трампнинг баёнотига муносабат билдирмади.

Мусулмон Зиё, ЎзА