Ўзбекистон — Эрон муносабатлари фаоллашиб бораётгани эътироф этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Эрон Ислом Республикаси Исломий кенгаши мажлисининг депутати, «Эрон — Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Жавад Никбин билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил июнь ойида Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон — Эрон муносабатлари янада кенг қамровли ҳамкорлик даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Суҳбат чоғида Спикер ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов меҳмонларга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг фаолияти, қўмита ва комиссияларининг вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, Жавад Никбин Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этди. Шунингдек, меҳмон Ўзбекистонга ташрифлари давомида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлаётганини, бу эса ислоҳотлар самараси эканини эътироф этди.

Учрашувда парламентлараро муносабатларни ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА