Ўзбекистон ва Туркия: маъмурий судлов соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тажриба алмашилади

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Бахтиёр Исломов мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси Давлат кенгаши (Олий маъмурий суди) раиси Зеки Йигит билан учрашди.
Мулоқотда халқларимизни кўп асрлик тарих, тил, дин, қадриятлар ва муштарак урф-одатлар бир-бирига чамбарчас боғлаб туриши эътироф этилди. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бораётир.
Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирилди.

Президентимизнинг жорий йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш доирасида янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси устида кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Томонлар маъмурий судлов соҳасини янада такомиллаштириш масаласи бўйича ўзаро тажриба алмашиш борасида фаол ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Ишчан ва дўстона руҳда ўтган учрашувда бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Туркиялик меҳмон Олий суд музейи билан ҳам танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА