Жиноят қонунчилигинда ислоҳатлар: назария ва амалиёт уйғунлиги

95

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 27 декабрдаги 490-сонли қарори асосида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш масалалари» мавзусида республика илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари С.Утемуратова, Нукус шаҳар прокуратураси катта терговчиси М.Кулумбетов, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос олимлар, илмий изланувчилар ва амалиётчи мутахассислар иштирок этди.

Конференцияни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов очди ва олиб борди. Тадбир давомида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштиришнинг назарий ва амалий жиҳатлари муҳокама қилиниб, ҳуқуқий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг илмий асослари ёритилди.

Ўтказилган анжуман доирасида иштирокчилар томонидан тегишли йўналишларда илмий мақолалар тақдим этилди, мутахассисларнинг маърузаларида жиноят қонунчилигини ривожлантириш, уни халқаро стандартларга мослаштириш ва амалиётдаги муаммоларга ечим топиш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.

Ушбу илмий-амалий конференция жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни янада такомиллаштириш йўлида улкан илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги