Меҳнат жамоаси – бир оила

Мамлакатимизда пахта йиғим-терими қизғин давом этаётган бир даврда, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоаси ҳам бу улкан жараёнга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Хусусан, Кегейли тумани «Кўк ўзак» ОФЙ ҳудудида жойлашган «Қудайберген Бийбойша» фермер хўжалигининг пахта далаларида партия фаоллари пахта теримига чиқиб, фермерлар билан биргаликда ҳамжиҳатликда меҳнат қилди.
– Пахта терими нафақат деҳқон ва фермерларимиз, балки бутун халқимизнинг умумхалқ меҳнат майдонига айланиб бормоқда. Бугун биз ҳам «Қудайберген Бийбойша» фермер хўжалиги далаларида фидокорона меҳнат қилаётган фермерлар билан бир сафдамиз. Партия жамоаси сифатида бизнинг мақсадимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшиш ва фермерларимизни доимий қўллаб-қувватлашдир, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши мутахассиси Баҳодир Адилчаев.
Маълумот учун, Кегейли тумани бўйича жами 5858 гектар майдонга пахта экилган бўлиб, бу йил 18000 тоннадан ортиқ «оқ олтин» ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда тумандаги 140 та фермер хўжалиги бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги