Ижтимоий соҳа объектлари фаолияти ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Тахиатош, Хўжайли туманларида сайловчилар билан учрашди ва ҳудуддаги бир қатор ижтимоий объектлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб депутат Тахиатош туманидаги «Дочки-сыночки» хусусий мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шунингдек, объектда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг сифати, иситиш ускуналарининг ҳолатини ўрганди. Ташкилот фаолияти билан яқиндан танишиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликда янги қабул қилинаётган қонунлар ҳақида кенг тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича илгари сурилган қатор ташаббуслар мазмуни, айниқса, мактабгача таълимга қаратилаётган эътибор ҳаётий мисоллар билан таъкидланди. 2018 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ушбу хусусий боғча 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда болалар учун барча шароитлар яратилган.
Депутат «Тахиатош» маҳалла фуқаролар йиғинида «маҳалла еттилиги» фаолияти билан танишди. Ўз навбатида, «еттилик» фаолиятини янада самарали ташкил этиш учун зарур тавсиялар берилди.
Кейинги манзил тумандаги оилавий поликлиника бўлди. Ушбу поликлиника жорий йилнинг апрель ойида иш бошлаган бўлиб, тумандаги «Обод макон,» «Ойдин йўл,» «Жайхун» ва «Дўстлик» маҳаллаларида яшовчи 21 мингдан зиёд аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Оилавий поликлиникада малакали шифокор ва ҳамширалар маҳалла аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда рақамлаштирилган «DMED» инновацион платформасидан фойдаланиб келмоқда. Халқ вакили поликлиникадаги тиббиёт соҳаси вакиллари билан суҳбатлашар экан, мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириб ўтди.

Халқ вакили Хўжайли туманида бўлиб, аҳолининг ичимлик суви бўйича мурожаатини жойига чиқиб ўрганди. Хўжайли туманидаги «Қумжиққин» овул фуқаролар йиғинига қарашли «Тўққиз том» овулининг аҳолиси кўпдан буён ичимлик суви муаммосидан қийналиб, канал-зовурларнинг сувидан фойдаланиб келаётганини билдирди. Бу муаммо бўйича туман Сув таъминоти бўлимининг масъул ходимлари «Қумжиқин» овул фуқаролар йиғинига қарашли «Тўққиз том,» «Нурымбет,» «Заргар» ва «Саратоғ» овулларига ичимлик суви тўлиқ етиб бориши учун кўтариб берадиган насос станциясини ўрнатиш кераклигини айтди. Депутат Г.Халмуратова ва Сув таъминоти бўлимининг масъул вакиллари томонидан тегишли вазирликларга юқоридаги масала бўйича таклифлар берилиб, келгуси йил инвестиция дастурига киритилиши таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги