Депутат жойларда: «маҳалла еттилиги» фаолияти ўрганилди

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Руслан Джумамуратов Нукус шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, турли соҳа ва объектларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Фуқароларнинг муаммолари, таклифлари тингланмоқда.
Хусусан, «Байтерек» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, «маҳалла еттилиги» фаолияти билан танишди. Маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан учрашди. Улар «маҳалла еттилиги» одамларнинг ҳаётий эҳтиёжларига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Учрашувда аҳоли вакиллари ҳудудда маҳаллий транспорт хизматидан фойдаланиш масаласига тўхталиб, уларнинг талабини қондириш мақсадида 72-сонли йўналишдаги маршрутли таксиларнинг фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича мурожаат ва таклифлари инобатга олинди. Шунингдек, банклар томонидан ажратилаётган барча кредит турлари бўйича тегишли мутахассислар иштирокида семинар ташкил этиш таклифи берилди.
Ўрганиш давомида Президентимиз томонидан парламент аъзоларига маҳаллага тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва биргаликда ечим топиш, қонунларни такомиллаштириш чораларини кўриш бўйича берган топшириқларидан келиб чиқиб, ушбу масалаларга эътибор қаратилди.
Шундан сўнг депутат шу ҳудудда жойлашган «EZE KID’С» хусусий мактабгача таълим муассасасида бўлиб, партия дастури вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, бу ерда тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мулоқотлар давомида ота-оналар ташкилотда яратиб берилган барча шароитлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Ўрганишларда аниқланган камчилик ва муаммолар тегишли чоралар кўриш мақсадида депутат назоратига олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Руслан Джумамуратовнинг жойларда ўрганишлари давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги