Квота ёшларга имконият яратмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг оталарча ғамхўрлиги ва эътибори натижасида қорақалпоғистонлик ёшларга қатор имкониятлар яратиб берилмоқда.
Шулар қаторида 2022 йил 31 августдаги 213-сонли Президент фармони билан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун тўлов-контракт асосида қўшимча квоталар ажратиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам республикамиз шаҳар ва туманлари учун зарур бўлган мутахассисликлар сонидан ва кадрларнинг ички эҳтиёжидан келиб чиқиб, Президент фармони асосида 10 мингта қўшимча квота ажратилди.
Ушбу қўшимча квота асосида олий ўқув юртларига талаба бўлган ёшлар қаторида Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати 2024-2025 ўқув йили битирувчиларидан Динара Жумабаева, Асқарбек Галиев ва Феруза Маркабаевалар ҳам бор.
– Бу йил Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг даволаш иши йўналишига ўқишга топшириб, 156,1 балл билан кира олмаган эдим,-дейди Динара Жумабоева. – Ҳурматли Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли, қўшимча квота билан ўзим хоҳлаган ўқув юртига киришга муваффақ бўлдим. Бунинг учун Президентимизга катта раҳмат айтаман.
– Ўтган ўқув йилида мактабимизни аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича 25 нафар ўқувчи тамомлаб, шундан 22 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирган эди, – дейди мазкур мактаб-интернати директори Марат Ибройимов. Шу билан бирга, Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати 2024-2025 ўқув йили битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи бўйича 100 фоизни кўрсатди.
Бунинг учун муҳтарам Юртбошимизга катта раҳмат айтамиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси